Нутқий акт жамият аъзолари томонидан қабул қилиниб, нутқ хулқи қоидаларига мувофиқ тарзда амалга ошириладиган, муайян мақсадга йўналтирилган нутқий ҳаракат ҳисобланади. Нутқий акт нутқий мулоқот доирасида амал қилади, сўзловчи ва тингловчидан иборат нутқ иштирокчилари, нутқий вазият, тил эгаларининг нутқ объекти ҳақидаги умумий билимлари, нутқ иштирокчиларининг тил билими ва кўникмалари билан боғлиқ ҳолда шаклланади. Нутқий актнинг амал қилиши учун зарур бўлган компонентлар қаторига нутқ иштирокчиларининг умумий тил билими ва тил кўникмасини ҳам киритиш лозим. Агар нутқ иштирокчилари умумий тил билимига (ҳатто имо-ишора тилига) эга бўлмасалар, нутқий акт нафақат томонларга тушунарсиз, балки амалга ошиши даргумон бўлиб қолади.